Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
БУГУН ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН
Тадбирлар / 2022-02-14

   Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби; марказлашган давлат — бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилди. Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди. Бобур 12 ёшда (1494) тахтга чиқди. 1503-1504 йилларда Афғонистонни эгаллади. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилади. Уч асрдан ортиқ давом этган (1526-1858 й.й.). бобурийлар салтанатига асос солди декабрда Агра (1530 й. 26 декабр)да вафот этди. Қабри кейинчалик васиятига кўра Қобулга кўчирилган.

   Бобурнинг лирик мероси “Қобул девони” (1519)га, 1528-29 йилларда “Ҳинд девони” га жамланган. Тўлиқ девон тузгани ҳақида маълумот бор. Шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал, 231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда асарлар яратган. Шеърларини мавзу жиҳатидан ошиқона, таълимий, тасаввуфий, ҳасби ҳол каби турларга ажратиш мумкин. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида арқоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида юксакликка олиб чиққан шоирдир.

   Бобурнинг улуғ асари “Бобурнома” бўлиб, уни “Вақое” деб ҳам номлайдилар. Буюк мемориал асарда 1494-1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. “Бобурнома”нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари бор. Асарни Қозонда Н.И. Илминский (1857), Лондонда Бевериж хоним нашр (1905) этган. Ўзбекистонда дастлаб профессор Фитрат 1928 йилда асардан парчалар эълон қилди. “Бобурнома”нинг 1948-1949 йилларда икки жилдли; 1960, 1989 йилларда тузатилган, 2002 йилда ва кейинги йилларда тўлдирилган қайта нашрлари амалга оширилди.

БОБУР ИЖОДИДАН

Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.

Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.

Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.

Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,
Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.

Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?