Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида ижтимоий ва маданий ҳаёт (Давоми).
Тадбирлар / 2021-06-15

(Давоми).

   Туманда санъаткорлар ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, туман санъатини ривожлантиришда тинимсиз меҳнат қилмоқдалар. Жумладан, 2003 йилда "Алла" ижрочиларининг 6-анъанавий кўрик-танловида Жарқўрғон тумани бадиий жамоаси 2-ўринни эгаллади. Бадиий ҳаваскорликни ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун Жарқўрғон тумани маданият уйи қошидаги "Дилрабо" ашула ва рақс дастаси бадиий раҳбари Норали Алланазаровга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" (1998 йил) унвони берилди.

   Тумандаги Сурхон сувдан фойдаланувчилар уюшмаси (СФУ)да 1978 йилда ташкил этилган "Сурхон гуллари" номли ашула ва рақс дастаси 1992 йилда Республика "Марҳабо талантлар" фестивалида ўзининг ажойиб рақслари билан қатнашди. Бу даста ҳозирги кунда ўзининг қўшиқ ва рақсларини қардош халқлар ашула ва рақслари ҳисобига бойитиш устида иш олиб бормоқда. Ш. Кўчимов (мусиқа раҳбари), Шомирза Сатторов, Нуриддин Тоштемиров (ашулачилар), Хадича Қурбонова, Валя Сатагина (раққосалар), Муҳаббат Мирсаидова (балет­мейстер) каби халқ севган санъаткорлардан ташкил топган "Сурхон гуллари" номли ашула ва рақс дастаси тез-тез ишчи ва хизматчилар ҳузурида бўлишиб, аҳолига маданий хизмат қилиб келмоқда.

   Туманда, шунингдек, «Садо» гуруҳи, "А. Навоий" хўжалигида "Мураббий" фольклор этнографик дастаси, "Т. Шобуров" хўжалигида "Алпомиш" гуруҳи, ту­ман маданият бўлимида тузилган рақс дастаси (бадиий раҳбари А. Риспаева) каби ашула ва рақс дасталарининг номларини келтириб ўтиш жоиз. 1995 йил декабрь ойида "Ўзбекистон - Ватаним маним" мавзуидаги қўшиқлар кўрик-танлови эълон қилинганидан сўнг юзлаб янги мустақиллик даври қўшиқлари яратилди. Бу кўрик-танлов мамлакатимизнинг ҳамма вилоят, шаҳар ва туманларида кўтаринкилик билан ўтказилди. 1996 йил 27 август куни "Ўзбекистон - Ватаним ма­ним" қўшиқк байрами ҳақида махсус фармон қабул қилинди. Фармонда ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси «Ўзбекистон - Ватаним маним» қўшиқ байра­ми куни деб белгилаб қўйилди. Шу фармонга кўра Жарқўрғон туманида ҳам ҳар йили ушбу кўрик-танлов ўтказиб келинмоқда. 1999 йили туманда учта жанр (миллий, фольклор, эстрада) да ҳамда "Бахшилар танлови" билан бирга ўтказилган байрамда қуйидаги натижалар чиқарилди:

I ўрин Нажмиддин Жононов (Садо гуруҳи);

II ўрин Абдулла Саидов (мактаб ўқувчиси);

III ўрин (икки киши) - Сафар Қурбонов (шаҳар мусиқа мактаби), Норбўта Жумаев (А. Навоий хўжалиги "Мураббий" дастаси).

   Танловда I ва II ўринни эгаллаганлар ва бахшилар ичида ғолиб топилган Ўрол Худойқулов вилоят босқичига йўл олди. Жарқўрғон туманида бир-биридан аҳамиятли янгиликлар қаторида туман халқ театрининг ("Наврўз" маданият саройи қошидаги) ўзига хос интилиш билан иш олиб бораётгани диққатга сазовордир, 1999 йили туман халқ театри "Қайтар дунё" спектаклини намойиш қилди.

  Ҳамро Бўриев (марҳум) саҳнага қўйган ушбу асар икки парда, тўрт кўринишдан иборат бўлиб, режиссёр ҳаётий воқеалар орқали инсон қадр-қиммати, одоб-ахлоқ тушунчаларини саҳнага кўчира олди. Туманда санъат соҳаси билан бирга маънавий соҳа ҳам мукаммал ривожланиб, марказий кутубхонанинг китоблар жамғармаси янги-янги бадиий, адабий, илмий-оммабоп асарларга бойиб бор­моқда. Кейинги олинган китоблар ичида Ўткир Ҳошимовнинг "Баҳор соғинчи" (1-жилд) ҳикоялар тўплами, А.Эгамназаровнинг "Қувноқ мухбирнинг саргузаштлари" қиссаси, болалар адабиёти туркумидан Зафар Диёрнинг "Оқ айиққа соз қайиқ", Рамз Бобожоннинг "Мадинанинг кулгуси", М.Икромнинг "Овчи саргузаштлари", "Буғдой бобо эртаги" (лотин алифбосида) кабилар, шунингдек, "100 саволга 100 жавоб" (В.Тюриков), "Ўзбекистон Республикаси" (В.Тюриков), "Кичик бизнес ва тадбиркорлик" сингари асарлар бор.

   2002 йилда туманда 56 та кутубхонада 62 нафар ходим меҳнат қилди. Туман кутубхоналарида бадиий адабиётлар сони 106568 тани, Президент асарлари сони 2100 тани, туман бўйича жами 107744 тани ташкил қилди. Туман марказий кутубхонаси ходимлари Мустақиллик байрами, Конститудиянинг қабул қилинган куни, Устоз ва мураббийлар куни, Ватан ҳимоячилари куни, Хотин-қизлар бай­рами, Наврўз ва бошқа ана шундай байрамларга бағишлаб китоблар кўргазмасини ташкил қилиб келмоқда.

   Туман марказий кутубхонасига қарашли тармоқ кутубхоналари ҳам ҳар йили бундай тадбирларни ўтказиб келдилар. 1999 йили "Сурхон" хўжалигидаги "Меҳнатобод" маҳалласидаги 16-мактабда "Аёл борки, олам мунаввар" мавзусида ўтказилган ёш келинчаклар беллашувида (маҳалла хотин-қизлар кенгаши раиси Д.Тангирова ва 9-,10-,11- тармоқ кутубхоначилари ташкил этган кўрик-танлов) биринчи ўринни эгаллаган М.Бердиева, иккинчи ўрин соҳибаси С.Бегматова, учинчи ўринни олган Г.Бердиеваларга эсдалик совғалари топширилди.

   Туман маданият бўлими ходимлари ҳар йили Какайди қўрғонидаги Ҳарбий қисм жангчилари ҳузурида Ватан ҳимоячилари куни арафасида ташриф буюришиб ҳарбий қисмнинг аскар ва офицерлари билан суҳбат давомида янги адабиётлар, газета-журналлар кўргазмаларини намойиш қилдилар. Ўзаро савол-жавоблар орқали уларнинг турли мавзудаги саволларига жавоб бердилар. Туманнинг "Файз" гуруҳи ва бошқа рақс дасталари ҳарбий қисм аскарларига концертлар намойиш қилиб бормоқдалар.

   Туманда 1998 йилда 12 та бадиий ҳаваскорлик тўгараклари иккита халқ ан­самбли, битта халқ театри, учта фольклор ансамбли, битта мусиқа мактаби, 9 та маданият саройи, 7 та кинотеатр, 1 та музей, 11 та кино қурилмалар ишлаб турган бўлса, 2006 йилда 12 та клуб ва маданият уйлари, 35 та кутубхоналар туман аҳолиси учун хизмат қилди.

   Мустақиллик йилларида Жарқўрғон туманида меҳнаткашларнинг соғлигини яхшилаш мақсадида спортга катта эътибор қаратилди. Жисмоний тарбия кишилик жамияти тарихининг барча босқичларида халқ маданиятининг таркибий ва муҳим қисми бўлиб келган. Ўзбекистонда давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IX сессиясида 1992 йил 14 январда "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида" қонун қабул қилинди. 1993 йил 18 мартда "Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" махсус қарор қабул қилди. Мамлакатда "Соғлом авлод" Давлат дастури ишлаб чиқилди ва кенг кўламда амалга оширила бошланди.

(Давоми бор).

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?