Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Тадбирлар / 2021-06-15

   Ҳурматли ва азиз фермерлар!

   Маълумки, ҳали ҳамон дунё аҳли турмуш тарзига коронавирус пандемияси жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Ана шундай мураккаб паллада деҳқону фермерларимиз ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъулият билан тер тўкмоқдалар.

    Азал-азалдан халқимиз нонни энг улуғ неъмат дея уни қадрлаб келишган. Улкан заҳматлар эвазига етиштирилган ҳосилнинг бир донасини ҳам нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш билан деҳқонларимизнинг меҳнати тугамайди. Галдаги вазифа ғалладан бўшаган ер майдонларига халқимиз дастурхони учун зарур бўлган такрорий экинларни ўз вақтида экиш ва бу борада ҳам юксак ҳосилдорликка эришишдир. 

   Сўнгги йилларда соҳада илмий асосланган агротехнологияларнинг қўлланилиши, уруғчилик тизимининг такомиллашиши ҳамда янги серҳосил навларнинг яратилиши ва жорий этилиши натижасида кафолатланган ҳосил олиш имконияти яратилди. Мамлакатимизда аграр соҳага ҳам бозор иқтисодиёти тамойиллари кенг жорий қилиниши натижасида фермер ва деҳқонларимизнинг ердан фойдаланиш самарадорлиги, ерларнинг ҳосилдорлиги ва моддий манфаатдорлиги ошиб бормоқда.

   Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда ҳам 500 га яқин янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Ҳозирда 150 минг гектар ер майдони қайтадан фойдаланишга киритилди, 160 минг гектар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробардан кўп майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

   Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзларининг берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.

   Бугун фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

   Давлатимиз раҳбарининг ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш сиёсати фермерлар томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида, уларга қарийб 60 минг гектар ер ажратиб берилди ва ҳар томонлама кўмаклашилди. Бугун улар биринчи ҳосилни йиғиштириб олишаяпти ва иккинчи экинни экишни бошлаб юборишди. Натижада республика бўйича 200 мингдан зиёд ёшлар бир мавсум давомида камида 10-15 миллион сўмдан даромад олиш имкониятига эга бўлишди.

   Ҳурматли Фермерлар!

   Бошоқли дон маҳсулотларини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, ғалладан бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш ва экспортбоп сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштиришда фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш мақсадида қуйидаги муҳим агротехник тадбирларни амалга оширишингизни:

   Биринчидан, етиштирилган бошоқли дон маҳсулотларини нест-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиштириб олишингизни;

   Иккинчидан, ғалладан бўшаган ер майдонларини сомондан тозалаб ва шудгорлаб, ерларни экишга тайёрлаш ишларини ташкил этишингизни;

   Учинчидан, ерларнинг унумдорлигини ошириш мақсадида, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун ғалладан бўшаган ерларни “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ишсиз аҳолига мавсумий шартнома асосида 15-20 сотиҳдан ажратиб беришингизни;

   Тўртинчидан, ажратилган ер майдонида ўз кўмагингиз остида такрорий экинлар экилишини таъминлашингиз, келгусида кўпроқ экспортбоп маҳсулотлар етиштирилишида ҳамда ишсиз, камбағал аҳолининг даромадларини ошишида ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраймиз.

   Зеро, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ишсиз фуқароларга ажратиладиган 15-20 сотиҳ ерларда деҳқончилик қилиши, уларга 8-10 миллион сўм даромад олиб келади, бу билан Сиз ёшлар, аёллар ҳамда хорижда ишлаб юрган ва ишлаб қайтган ишсиз аҳолимизни иш билан таъминлашга катта ҳисса қўшган бўласиз.

   Азиз ва қадрли фермерлар!

   Бугун халқимиз Сизни “ризқ-рўзимиз бунёдкорлари” деб улуғлаб, шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини бир зум бўлса-да, эсдан чиқармаслигингиз керак. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши сизнинг машаққатли меҳнатингизга боғлиқ. Нега деганда, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер ва деҳқонларимизнинг ўрни беқиёс бўлиб, уни ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, баҳолаб ҳам бўлмайди.

   Биз ҳурматли Президентимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақирамиз!

   Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилаймиз. Бу йилги мавсумда улкан хирмон барпо этиб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши ҳаммамизга насиб этсин!

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари Кенгаши.

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?