Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги
Тадбирлар / 2021-06-02

(Давоми).

   Ўзбекистан Республикасида суғориш эҳтиёжи ҳамиша долзарб муаммо бўлиб келган ва бўлиб қолмоқда. Вилоятнинг жанубий туманлари Термиз, Жарқўрғон, Ангор, Гагарин (Музрабод), Қумқўрғон ва қисман Шеробод ҳам Қизириқ туманлари хўжаликларини сув билан таъминлаш мақсадида улар 1979 йили бирлаштирилиб “Қуйи Сурхон суғориш тармоқлари бошқармаси” деб номланди. 1991 йил шу бошқарма томонидан Аму-Занг каналида 2 м. 700 минг сўмлик қайта таъмирлаш ишлари бажарилди.

   Бунда “Сурхонирстрой” трестининг ҚМБ, Сурхон МККнинг аҳил жамоалари алоҳида ўрнак кўрсатдилар. 1991 йили Сурхон суғориш тармоқлари бошқармаси канал ёқаларига 20 минг туп мевали ва хушманзара дарахтлар ўтказишни мўлжаллаган бўлсалар-да, 6 минг туп ўрнига 6700 туп мевали ва 1435 туп манзарали дарахт кўчатлари қададилар. Бу режадагидан 1 минг  52 тупга кўп бўлди. Бу кўчатлар асосан Аму-Занг канали бўйича, яъни Термиз-Жарқўрғон автомобиль йўналиши четларига экилди.

   Бундан ташқари бошқарманинг қурилиш бўлими қурувчилари 1991 йили 7230 минг сўмлик қурилиш монтаж ва тупроқ ишларини амалга оширдилар. Бу ишларни бажаришда бульдозерчи Ч. Хўжанов, эксковаторчи Ж.Аллабердиев, машина ҳайдовчиси А. Тожиев, қурувчи Н. Нормурмуродов сингари механизатор ва ҳайдовчилар муносиб ҳисса қўшдилар. Меҳнат фахрийлари Р.Абдуллаев, Ж.Қувватов, Н.Кўчкинов, X.Қурбонов ва Ж.Умбаровлар бор маҳоратларини ишга солишиб ёшларга устозлик қилдилар.

   “Аму-Занг магистрал каналлар” бошқармаси вилоятимизнинг 7 та туманларига хизмат қилади. Аму-Занг ва Занг каналлари ҳамда уларнинг тармоқларидан иборат 127,1 километр узунликдаги сув ўзанларидан суғориш мавсумида 1 млрд. куб метрдан зиёд сув етказиб берилди. Аму-Занг каналидан 25300 гектар, Занг канали орқали 70 минг гектар экин майдонлари “Обиҳаёт” олади. Бундан ташқари 2000 йилда Аму-Занг канали орқали Боботоғ каналига 229 млн. куб метр сув узатилиб, бу ҳудуддаги 17 минг гектар экинзорлар суҳорилади. Сув заҳирасини кўпайтириш мақсадида “Оқтепа” сув омборига 2000 йилда 5 млн., “Учқизил” сув омборига 77 млн. куб метр сув қуйилди.

   “Аму-Занг” магистрал каналлар бошқармаси тасарруфидаги 73 та сув иншоотлари 166 та сув бериш нуқталарида йилма-йил носуғориш мавсумида таъмирлаш ишлари амалга ошириб келинади. 2000 йил давомида 10 млн. сўмдан кўпроқ маблағ таъмирлаш ишларига сарфланди. Аму-Занг каналида 18 километр, Занг каналида 38 километр бетон қопламалар ётқизилди. 12 километр узунликда Аму-Занг каналида механик тозалаш ишлари амалга оширилди. 264 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Бу ишларни “Сурхон қурилиш” треста жамланмалари кучи билан амалга оширилди. Аму-Занг канали 56,6 километр, Занг канали 88 километр узунликдаги ўзани билан Жарқўрғон туманининг 21 минг гектарга яқин майдонларига “Оби ҳаёт” етказиб беради. Асосий сув ўзанидан тарқалган ички зовурлар тармоғи ҳажми янада катта, яъни 78,5 километрни ташкил этди. Хўжаликлараро зовурлар 289 километрни ташкил этиб, ички зовурлар мисоли қон томирларининг олис-олис масофаларига қадар етказиб беради.

   “Аму-Занг магистрал каналлар бошқармаси”да 2006 йил бошқарма бўйича жами 160 километр хўжаликлараро каналлар, 76 километрлик ички зовурлар, 154 та гидротехник иншоот (ГТИ) ва 132 та гидропост (ГП)ларни таъмирлаш ишлари бажарилди. Шундан 2006 йил бошида 23,5 километр хўжаликлараро каналлар, 12 километр зовурлар, 32 та ГТИ лар ҳамда 16 та ГП лар мавсум талабларига биноан шайлаб қўйилди. 2006 йил бошларида Аму-Занг каналининг Оқтепа участкасида қарийиб 5 километр масофадаги жойида канал муҳофаза зонаси ҳамда катта йўл бўйларида тозалаш, дарахтларга шакл бериш, оқлаш ишлари амалга оширилди. Бу ҳудудда 500 тупга яқин қарағай кўчатлари янгидан ўтказилди. Занг канали бўйларида 250 туп қарағай, кипарис кўчатлари ўтказилди.

   Умуман олганда вилоятимиз экинзорлари асосан уч йирик ирригация тизими бошқармалари тасарруфидаги каналлар орқали суғорилади. Шулардан бири “Аму-Занг” ирригация тизими бошқармасига қарашли сув ҳавзалари, сув омборлари ва каналлардир. “Аму-Занг” ирригация тизими асосан “Аму-Занг-1” ва “Аму-Занг-2” кўтарма насослари ҳамда “Боботоғ” насос станцияси, “Оқтепа” ҳамда “Учқизил” сув омборларидан иборат бўлиб, бу ирригация тизими шохобчалари орқали жами 119,5 минг гектар майдондаги пахтазор, ғаллазор, токзор ва мевали боғлар сув ичади (вилоятимизда 326 минг гектар суғориладиган экин майдонларининг 70 фоизи насослар кўтарган сув билан суғорилади. Амударё сувини 4-5 марта кўтариш орқали суғорилаётган Боботоғ массивидаги хўжаликлар фойдаланган ҳар бир метр куб сув учун қилинган харажатлар 5657 сўмни ташкил этди.

   Энг машаққатлиси шундаки ирригация тизими сувчилари бир йўла етти туман деҳқонларига хизмат кўрсатади. Жумладан, Музработ туманининг 35,6 минг, Жарқўрғон туманининг 21,3 минг, Ангор туманининг 18,5 минг, Қумқўрғон туманининг 16,5 минг, Термиз туманининг 15,7 минг, Қизириқ туманининг қарийб 9 минг, Шеробод туманининг 5 минг гектардан ортиқроқ экинзорларига 445,7 километр узунликдаги каналлар орқали оби ҳаёт тарқатилади. Бундан ташқари, шу етти туман ҳудудида қанчадан-қанча шахсий хонадонлар, деҳқон хўжаликларининг томорқалари, ташкилотлар, корхоналар тасарруфидаги ер участкалари ва ёрдамчи хўжаликлари экин майдонларига оби ҳаёт “Аму-Занг” ирригация тизими бошқармаси жамоаси хизмат кўрсатадиган каналлар ва бошқа сув шохобчаларидан етказилади.

   “Аму-Занг” ирригация тизими бошқармасига қарашли катта-ю кичик каналлар худди қон томирларига ўхшайди. Секундига 120 - 100 куб метр  сув чиқариш қувватига эга бўлган “Аму-Занг-1” ва “Аму-Занг-2” насос станцияларининг бетўхтов ишлаши ҳисобига Амударёдан сув тортиб олиниб, ана шу каналлар орқали далаларга "Оби ҳаёт" тарқатилмоқда. Қисқаси "Аму-Занг" ирригация тизими шу қадар мукаммалки, у орқали хўжаликларнинг 119,5 минг гектар экинзорлари, томорқадорларнинг ҳамда ташкилот, корхоналарнинг ёрдамчи хўжаликлари майдонларини йил бўйи сув билан таъминлаш имкониятлари мавжуд. Каналлардан оқиб келаётган оби ҳаётни катта-ю майда шохобчаларга тақсимлаш учун жами 424 та гидротехник иншоот, 411 та гидропост ташкил этилган. "Аму- занг" ирригация тизими бошқармасида аҳиллик билан меҳнат қилаётган 355 нафар ишчи-хизматчиларнинг вазифа масъулиятини ҳис этишлари туфайли экин майдонларини сув билан таъминлаш ишлари тобора яхшиланиб бормоқда.

(Давоми бор).

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?