Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида Жарқўрғон туманида саноатнинг ўсиши
Тадбирлар / 2021-05-01

(Давоми).

   Мустақилликнинг дастлабки йилларида Сурхон воҳаси шаҳарларида саноатни қайта реконструкция қилиш, янги саноат корхоналарини қуриш, кон-ёқилғи саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, Сурхон воҳа­си ва давлат манфаатларини ҳисобга олиб кўмир ва нефть қазиб чиқаришни ривожлантириш, ўрмон, ёғочни қайта ишлаш, кқурилиш маҳсулотларига эътибор бериш масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлди.

   Жарқўрғон туманида нефть қазиб олиш саноати корхонаси томонидан 1991 йилда 123, 0 млн. сўмлик, 1992 йилда 400, 4 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилди. Шунингдек, Жарқўрғон туманида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, 1991 йилда 109, 1 млн. сўмлик, 1992 йилда 878 млн. сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Жарқўрғон туманида ип-газлама комбинатининг иқтисодий қуввати оширилиб, 1991 йил 27, 0 млн. сўмлик, 1992 йилда 216, 6 млн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 1991 йил Жарқўрғон туманида шиша идишлар ва ип йигирув цеҳлари иш бошлади.

   Ўзбекистан Республикаси мустақил деб эълон қилингач бутун саноат, ми­нерал ресурслар ва бошқа бойликлар республиканинг мулки бўлиб қолди. Ўзбекистон раҳбарияти бозор инфраструктураси бошланғич бўғинларини шакллантириш, шунингдек, товар ишлаб чиқарувчи соҳаларда мусобақдошлик ва рақобатни аста-секин ривожлантириб бориш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 1992 йилда маҳаллий саноат, маиший хизмат тизими, умумий овқатланиш, давлат савдосининг баъзи корхоналари, баъзи автотранспорт ташкилотларини хусусийлаштириш, зарар келтираётган давлат хўжаликларини жамоа хўжаликларига айлантириш дастурини ишлаб чиқди. Натижада деярли 2 минг корхона давлат тасарруфидан чиқарилди.

   Мана шу кўрилган чора-тадбирлар натижасида ва ижтимоий ишлаб чиқаришдаги анча юксак ижрочилик ва меҳнат интизоми туфайли Ўзбекистон халқ хўжалигидаги пасайиш 1992 йилда 1991 йилдагига қараганда 4, 5 фоизни ташкил этди. Россияда бу кўрсаткич 20 фоиздан ошиб кетган эди. Мулкчилик янги шаклларининг вужудга келиши, кишиларда ҳақиқий мулкдорлик туйғусининг қарор топиши, ишлаб чиқариш жараёнининг тамомила янги тартибда ташкил этилиши Жарқўрғон тумани саноатида ҳам жиддий ўзгаришлар ясалишига олиб келди.

   Натижада илгари фақат аграр соҳага ихтисослашган Жарқўрғон тумани саноати ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан янги паллага қадам қўйди. Илгари фақат аграр соҳага ихтисослашган туман хўжалиги янги замонавий ускуналар билан жиҳозланган саноат корхоналарига эга бой ҳудудга айланди. Натижада туманда ёқилғи-энергетика саноати, қурилиш материаллари саноати, пахта тозалаш саноатидан иборат саноат мажмуаси таркиб топди.

   Вилоят пахта тозалаш заводи саноати бирлашмаси раҳбар ва мутахассислари тайёрланаётган тола сифатини янада ошириш мақсадида туманлардаги пахта тозалаш заводларини янги асбоб-ускуналар билан жиҳозлашни йўлга қўйдилар. Жарқўрғон пахта тозалаш заводида толанинг пишиқлигини ва унинг узилиш кучини яхшилаш мақсадида толани хўллайдиган махсус ускуналар ўрнатилди. Натижада заводларда тайёрланган толанинг пишиқлиги оширилиб, унинг узилиши 20 фоизга камайди.

   Жарқўрғон пахта тозалаш заводи толачилари билан ҳамкорлик қилаётган корхоналар сони йилдан-йилга кўпайиб борди. Пахта тозалаш заводи Тошкент, Олмаота, Грузиядаги ва бошқа собиқ иттифоқ корхоналари билан бирга Чехословакия, Венгрия, Руминия ва Швейцария каби давлатларнинг енгил са­ноат корхоналари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйди. 1991 йили хорижлик хамкорларга 2294 тонна пахта толаси жўнатилди. Шундан 753 тоннаси сентябрь ойидаёқ жўнатилди. Пахта чигитидан 3000 тоннага яқини Денов ёг-экстракция заводига жўнатилди.

(Давоми бор).

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?