Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ ОЛДИДАН
Тадбирлар / 2021-04-30

   Яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳам тарихимизнинг ажралмас бўлаги, аждодларимизнинг улкан зафари сифатида алоҳида эътибор билан нишонланилади. Хўш, ушбу байрамни кенг миқёсда нишонлаш қанчалик муҳим?

   Сир эмаски, ўтган асрда инсоният иккита шафқатсиз уруш гувоҳи бўлди. Биринчи жаҳон урушига 70 миллиондан ортиқ одам сафарбар қилиниб, уларнинг 10 миллиони оламдан ўтган. Иккинчи жаҳон урушида 110 миллион одам иштирок этиб, 70 миллионга яқин одам ҳалок бўлди. Бу рақамларнинг ўзи ҳам ушбу урушлар кўламининг қанчалар кенг бўлганлигини кўрсатиб турибди.      Инсоният бошига тушган бу улкан мусибат бизни ҳам четлаб ўтмади, оталаримиз, оналаримиз урушнинг аччиқ таъмидан татиб кўришга мажбур бўлдилар. Аниқроқ айтадиган бўлсак, башарнинг бу кўргилигини жим кузатиш эмас, мардонавор енгишни ўз бурчи деб билди халқимиз. Келинг, урушнинг юртимиз тақдирига қандай таъсир қилганини рақамларда кўриб чиқсак.

   Аслида, 1939 йил бошланган Иккинчи жаҳон урушининг қуюни 1941 йил ёзига келиб юртимизга ҳам бостириб келди. Ўша пайтда республикамизда истиқомат қиладиган олти ярим миллион аҳолининг бир ярим миллиони жанг майдонларига сафарбар этилди. Бу умумий аҳолининг 22 фоизини, қишлоқ хўжалигига асослаган юртимиздаги меҳнатга яроқли аҳолининг 40-42 фоизи эди. Қурол кўтариб, урушга йўл олган ҳар учта ҳамюртимиздан биттаси табаррук жонини қурбон қилган бўлса, 133 мингга яқин асл ўғлонларимизнинг муборак жасадлари ёт ерларда қолиб кетди. Олтмиш мингдан ортиқ мард ўғлонлар умрларининг охиригача уруш қолдирган ногиронлик муҳрини ўз вужудларида олиб юришга маҳкум бўлди. Бомбалардан олисда бўлса ҳам қорахатлар гумбури вайрон қилмаган хонадон қолмади Ватанимизда. Йўқ, халқимизни бу кулфатлар бука олмади, мардонавор боболаримиз-у момоларимиз хоҳ фронтнинг қайноқ нуқталарида бўлсин, хоҳ фронт ортидаги машаққатли меҳнат жабҳаларида бўлсин, бошни тик тутиб, қайта ва қайта янги марраларни забт этаверди.

    Жарқўрғон туманида байрам арафасида турфа тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Бу эса ёш авлодга урушнинг қанчалик қабоҳат эканлигини англатиб, ҳозирги тинчлик замонини сақлашга ундашдир. Дастлаб, “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил этган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида вилоят бўйича ташкилот филиаллари ходимлари иштирок этишиб, ўз фаолиятларини тарғибот қилган бўлса, бу ерда нафақат транспорт воситаларини бошқариш учун турли категориядаги ҳужжатлар, балки спортнинг бир неча турлари бўйича ҳам турли тўгараклар ташкил этилгани, унда шуғулланиб юқори натижаларга эришиш мумкинлиги ҳам маълум қилиниб, кўргазмали тарзда номойиш этилди.

    Шундан сўнг, туман Мудофаа бўлими ташаббуси билан тумандаги Афғон  жанги иштирокчилари ҳамда фахрий нуронийлар учун Истироҳат боғида концерт дастури тақдим этилди. Ҳарбий қисм оркестри, туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганлар учун кайфият улашди. Шу жойнинг ўзиди Ҳарбий қисм шифокорлари томонидан нуронийлар саломатлиги мобиль тиббий шифохонада назоратдан ўтказилди.

   Хуллас, нуронийларни қадрлаш борасида бошланган бундай тантаналар, ҳар куни ҳар хил тадбирлар кўринишида давом этаверади.

Жарқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Рўйхатдан ўтиш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?