Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
-Жарқўрғон тумани ташкил топганининг 95 йиллигига- ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ ТАРИХИДАН: Мустақиллик йилларида Жарқўрғон туманида саноатнинг ўсиши
Тадбирлар / 2021-04-30

   Мустақиллик туфайли Ўзбекистон ўзининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий, сиёсий жиҳатдан дунёда ривожланган давлатлар қаторига чиқиб, Ўзбекистон халқларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш масаласида катта тажрибага эга бўлиб, миллатлар ўртасидаги инсонпарварлик, ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантирди.

   Миллий истиқлолнинг қўлга киритилиши билан бутун мамлакатда бўлганидек, Сурхон воҳасида ҳам ҳар томонлама ривожланиш учун улкан имкониятлар юзага келди. Собиқ совет тузуми даврида вилоят саноати, асосан, ярим тайёр маҳсулотлар, яъни хомашёга биринчи ишлов беришга ихтисослашган эди. Саноат корхоналарининг кам миқдорда бунёд этилиши оқибатида вилоят, асо­сан, аграр ишлаб чиқаришга мослашиб қолган эди.

   Шу сабабли ҳам вилоятда пахтачилик саноати, озиқ-овқат ва қурилиш саноатига ихтисослашган баъзи бир корхоналар бунёд этила бошлади. Бозор иқтисодиётига асосланган мулкчиликка хос кўп укладли тизимнинг шаклланиши, қолаверса Республика ҳукуматининг ва вилоят ҳокимиятининг ташаббуси билан вилоятда саноат корхоналарини кенг миқёсда барпо қилиш, вилоят саноатига чет эл инвестицияларини киритиш ва бу орқали қўшма корхоналар, ўрта ва кичик корхоналарни шакллантириш борасида самарали силжишлар амалга оширилди.

   Мулкчилик янги шаклларининг вужудга келиши, кишиларда ҳақиқий мулкдорлик туйғусининг қарор топиши, ишлаб чиқариш жараёнининг тамомила янги тартибда ташкил этилиши вилоят саноатида ҳам улкан ўзгаришлар ясалишига олиб келди. Натижада ўтган давр оралиғида Жарқўрғон тумани саноати ҳам миқдор жиҳатидан, ҳам сифат жиҳатидан янги паллага қадам қўйди. Натижада илгари фақат аграр соҳага ихтисослашган вилоят хўжалиги замонавий технологиялар билан жиҳозланган саноат корхоналарига эга бой ҳудудга айланди. Boҳада ёқилғи-энергетика, машинасозлик, қурилиш материаллари ҳамда пахта тозалаш саноатидан иборат индустриал мажмуа таркиб топди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, советлар даврида Ўзбекистоннинг саноат тараққиёти жиҳатидан энг кам ривожланган вилояти бу Сурхондарёдир. Сурхондарё вилояти ўз саноатининг ривожланиши жиҳатидан 1990 йилда республикада ўнинчи ўринда турарди.

   Саноат қолоқлигини бартараф этиш учун бутун республикада бўлгани сингари Сурхондарёда ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширила бошланди. Енгил саноат корхоналарини замонавий техника ва технология билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Айниқса, пахта тозалаш саноати соҳасида маълум бир ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Мустақилликнинг илк босқичларида маълум бир қийинчиликлар бўлди. Хусусан, собиқ Иттифоқ давридаги алоқалар узилгач, таъминот издан чиқди.

   Кўпгина пахта тозалаш заводларида эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар етишмаслигидан анча қийинчиликлар юз берди. Юқоридаги муаммоларни ижобий ҳал этиш учун корхоналарнинг мавжуд ички имкониятларидан фойдаланишга тўғри келди, бу эса албатта, ўзининг ижобий натижаларини берди. Агарда 1990 йили вилоятда мавжуд 11 та пахта тозалаш заводи 143, 5 минг тонна тола ишлаб чиқарган бўлса, 1991 йилда бу рақам 145, 4 минг тоннани ташкил этди. Вилоят енгил саноат корхоналари 1992 йили 1.247.000 погон метр шойи-газлама, 99, 5 млн. сўмликдан кўпроқ тикувчилик буюмлари, 20, 1 минг жуфт пойабзал, 19, 2 минг дона трикотаж буюмлари, 5, 2 минг дона пайпоқ, 2, 3 тонна йигирилган ип тайёрлади.

Jarqo`rg`on tuman hokimligi Axborot xizmati.

 

Рўйхатдан ўтиш
5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?