Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги
Жарқўрғон туман ҳокими Ўрақов Баҳодир Абдиқаюм ўғлининг туман аҳлига ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ!

   Азиз тумандошлар!

   Мана шу қувончли лаҳзаларда сиз, азизларни, кўп миллатли бутун туманимиз аҳлини Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!

   Ўтиб бораётган йил туманимиз учун ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Турли қийинчилик ва синовларни ҳам бошимиздан кечирдик.

   Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да улкан ютуқларга эришдик. Туманимиз аҳолисининг фаровонлигини ошириш йўлида бир қатор ишларни амалга оширдик. Бу ишларни келгуси йилда ҳам давом эттиришни ўз олдимизга мақсад қилиб белгилаб олдик.

   Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирдилар.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилиб, улар фаолиятини кенгайтиришлари учун янги инвестиция лойиҳалари амалга ошишига имкониятлар яратилди.

   Йил давомида туманимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

   Давлат дастури ҳамда Маҳаллий бюджети ҳисобидан бир қатор маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, туманимиз қиёфаси ўзгача чирой очиб, аҳоли учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

   2021 йилда кўплаб тумандошларимиз, жумладан, кам таъминланган оилалар шинам ва қулай нархлардаги уй-жойларга эга бўлдилар.

   Янги-янги боғча ва мактаблар, шифохоналар, спорт масканлари ҳамда маиший хизмат нуқталари бунёд этилиб, халқимизга хизмат кўрсатмоқда.

   Мухтасар қилиб айтганда, 2021 йил туманимиз тарихида ҳар томонлама ёрқин из қолдирмоқда.

   Ҳурматли тумандошлар!

   Биз миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўймоқдамиз.

  2022 йилда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларимизни фаол давом эттирамиз.

Хусусий мулк, тадбиркорлик ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратамиз.

   Туманимиз аҳолисининг яшаш шароитини, коммунал-маиший хизмат сифатини яхшилаш, арзон ва қулай уй-жойлар қуриш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттирамиз.

   Фарзандларимизга муносиб таълим ва тарбия беришга, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

   Нуроний фахрийларимиз, мунис опа-сингилларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтирамиз.

   Ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни доимий қўллаб-қувватлашга биринчи даражали аҳамият берамиз.

   Азиз тумандошлар!

   2022 йил ҳар бир оила, ҳар қайси хонадонга қут-барака, бахт ва омад олиб келсин!

   Барча эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқсин!

   Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Рўйхатдан ўтиш
7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?